21 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.
Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар олдиндан сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.
Парламент аъзолари ўз ишларини янги таҳрирдаги «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама этишдан бошлади.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси парламент қуйи палатасининг Демократик кучлар блоки ва мухолифатдаги фракциялари йиғилишларида ҳам бўлиб ўтди, йиғилишлар якунларига кўра ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан уларнинг нуқтаи назари шакллантирилди.
Муҳокама давомида депутатлар кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асосга айланишини таъкидлаб ўтди.
Кўриб чиқиш якунларига кўра ушбу қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Сўнгра депутатлар бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Лойиҳа айрим қонунчилик ҳужжатларини «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун нормаларига мувофиқлаштиришга қаратилган бўлиб, парламент назоратининг айрим шаклларини амалга ошириш нормалари ва тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришни назарда тутади.
Мунозаралар якунларига кўра депутатлар ушбу қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллади ва биринчи ўқишда қабул қилди. Келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳужжатни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш масъул қўмитага топширилди.
Изоҳ (0)