Россия президенти Владимир Путин Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) мустақил комиссиясининг 2014 йилги Сочи Олимпиадасида рўй берган допинг қаллоблиги юзасидан тайёрлаган ҳисоботи хулосаларига изоҳ бериб ўтди, деб хабар қилади «Коммерсант.ru».
«Комиссия ҳисоботида тўғридан-тўғри ижрочилар сифатида тилга олинган мансабдор шахслар лавозимларидан вақтинчалик четлаштирилади», — дейилади президентнинг Кремль расмий сайтига жойлаштирилган баёнотида.
«Аммо бу шахсларнинг жавобгарлиги юзасидан якуний қарор қабул қилиш учун WADA комиссиясидан тўлиқ, холис, фактларга асосланган ахборот тақдим этишни сўраймиз, токи у Россия ҳуқуқ-тартибот ва тергов органларининг тафтишларида инобатга олинсин. Уларнинг иши, ҳеч қандай шубҳасиз, охирига етказилади ва тегишли чоралар кўрилиб, Россия қонунчилиги ҳамда зиммамизга олганимиз халқаро мажбуриятларнинг бузилишига чек қўйилади», — қўшимча қилди у.
Шу билан бирга, баёнотда «допинг жанжаллари» спортга сиёсатни аралаштиришнинг ўзига хос йўли бўлиб қолгани таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 июль куни мустақил комиссия раҳбари Ричард Макларен Торонтода тафтиш якунларига бағишланган матбуот анжумани берди. Ҳисобот хулосалари асосида WADA ҳужжатда тилга олинган россиялик амалдорлар, жумладан, спорт вазири Виталий Муткони лавозимидан озод этишни ҳамда халқаро спорт мусобақаларига яқинлаштирмасликни тавсия қилди.
Изоҳ (0)