Россиянинг Карелия Республикасида жойлашган Сямозеро кўлида рўй берган фожиадан сўнг бедарак йўқолган боланинг жасади топилди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Боланинг жасади Лахта қишлоғи яқинидаги соҳилдан 100 метр узоқликда топилди ва қирғоққа келтирилди.
Эслатиб ўтамиз, 18 июнь куни Карелияда жойлашган «Парк-отель Сямозеро» оромгоҳида дам олаётган 47 бола ва тўрт нафар ёши катта кузатувчидан иборат гуруҳ Сямозеро кўлидан кечиб ўтаётган пайтда пўртана бошлангани ва бунинг оқибатида 14 нафар бола ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Улар 12–15 ёшлар атрофида бўлган.
Қайд этиш керакки, дастлаб қутқарувчилар фақатгина 13 нафар боланинг жасадини топган эди. Бедарак йўқолган 14-бола эса кўл атрофи ва ўрмонда қидирилди. Кейинроқ фавқулодда хизмат ходимлари қутқарув нимчасини аниқлади. Шундан сўнг бола тирик қолгани ва ўрмонда адашиб қолгани тахмин қилинганди.
Болаларнинг ҳалок бўлгани юсазидан Петрозаводск шаҳар суди оромгоҳ директори Елена Решетовани 19 августга қадар ҳибсга олди. Россия тергов қўмитаси эса «Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, эҳтиётсизлик оқибатида икки ва ундан ортиқ шахс ўлимига олиб келган хизматлар кўрсатиш» моддаси бўйича жиноий иш очди.
Изоҳ (0)