Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқиши (Brexit) тўғрисидаги референдум натижалари Гибралтар атрофидаги вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди, деб ишонмоқда Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Гарсия-Маргальо. Бу ҳақда, Reuters’га асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
Унинг сўзларига қараганда, янги сиёсий реалликда Испания 1713 йилдан бери Британия ҳукмронлиги остида қолаётган митти ярим оролни биргаликдаги бошқарувга ўтказишга ва секин-аста ҳудудда ўз назоратини қайта тиклашга ҳаракат қилади.
«Вазият бутунлай ўзгарди, бу Гибралтар бўйича янги, узоқ пайт амалга ошмас деб ҳисобланган имкониятларни очади. Ишонаманки, биргаликдаги бошқарув, тўғри гапираман, Скала узра Испания байроғининг ҳилпираши илгаригидан кўра анча ҳақиқатга яқин тахминга айланди», — деди у.
Гибралтарни Испания юрисдикциясига қайтариш борасидаги референдумлар 1967 ва 2002 йилларда ўтказилган эди. Икки марта ҳам Британия тарафдорлари катта тафовут билан (99,64 ва 98,48 фоиз) ғалаба қозонган эди.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда ўтказилган референдум давомида сайловчиларнинг ярмидан кўпроғи мамлакатнинг ЕИ таркибидан чиқишини ёқлаб овоз берди.
Изоҳ (0)