Хитойнинг Шаньдун провинциясидаги Циндао шаҳрида яқин вақт ичида мамлакатдаги илк йўналишли жамоат электробуслари ишга туширилади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Экологик тоза транспорт симсиз қувватлантириш тизими ёрдамида электр қуввати олади.
Лойиҳа Германиянинг Bombardier компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Яқинда компания Циндао шаҳрининг Сийахань туманида жойлашган Хитой-Германия экологик боғи билан бу борада келишувга эришган эди.
Лойиҳа доирасида қисқа ва ўрта масофали икки тажрибавий йўналиш ишлаб чиқилади, уларда 20 та жамоат электробуси қатнови йўлга қўйилади.
200 кВт қувватга эга симсиз қувватлантириш тизимлари тўхташ бекатларида жойлаштирилади. 60 кВт/соат қувватли батареяларни магнит майдони ёрдамида қувватлантиришга бор-йўғи 30 секунд кетади. Яъни йўловчилар автобусдан тушаётган вақтда машиналар қувват олиб бўлади.
Бу тизим автобус вазнини 2 тоннага камайтириш, энергия сарфини 15 фоизга қисқартириш имконини беради. Электробус сиғими стандарт автобусларга нисбатан 12 кишига кўпроқдир.
Бундай типдаги электробуслар Германиянинг Берлин ва Мангейм шаҳарларида ишлайди.
Изоҳ (0)