2016 йилнинг 16 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида АҚШдаги нуфузли университет битирувчиларининг ўзбекистонлик талабалар билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Гарвард Университети, Стендфорд университети ва Флетчер юриспруденция ва дипломатия мактаби битирувчилари иштирок этди. Ушбу делегацияга Гарвард университетининг Осиё етакчилари маркази ижрочи директори Самуэль Ким бошчилик қилди.
Учрашув давомида АҚШнинг нуфузли университети битирувчилари турли йўналишлар бўйича ўз билимларини ўзбекистонлик талабалар билан ўртоқлашди.
Жумладан, Гарвард университети битирувчилари ўзбекистонлик талабаларга маълумотларни эслаб қолиш, бизнес-лойиҳаларни ривожлантириш, шахсий брендларни яратиш, ижтимоий тармоқлар орқали ўз карьерасини тарғиб қилиш ва бошқа билимларни берди.
Ўзбекистонлик талабалар интервьюдан ўтиш, консалтинг, молия ва инвестиция, бизнес маданиятни яратиш бўйича ўз билимларини ҳам янада мукаммаллаштирди.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети турли етакчи олий ўқув юртлари ва компаниялар вакиллари билан учрашувларни мунтазам ўтказади. Бундай учрашувлар талабаларга малака алмашишга, назарияни амалиётга жорий қилиш, дунёнинг етакчи ўқув юртларида магистратура ва докторантурада таълим олишга тайёргарлик кўришга кўмак беради.
Изоҳ (0)