Аёллар ўртасида Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Нигина Абдураимова Япониянинг Каруизава шаҳрида бўлиб ўтган, мукофот жамғармаси 25 минг АҚШ долларига тенг ITF туркумидаги теннис турнирининг чемпиони бўлди.
Халқаро теннис федерацияси расмий сайтининг маълум қилишича, 21 ёшли ўзбекистонлик теннисчи финал баҳсида мазкур турнирнинг биринчи ракеткаси сифатида таснифланган бельгиялик Ан-Софи Местахга қарши кортга чиқди. Бир соат 46 дақиқа давом этган беллашувда Абдураимова 6:3, 7:5 ҳисобида зафар қучиб, Karuizawa Yonex Open–2016 турнирининг бош совринига эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, чемпионлик шоҳсупасига қадар Нигина мезбон теннисчилар – Ҳаине Огатани 6:1, 6:3, Юрина Кошинони 6:3, 6:1, Мана Аюкавани 6:2, 6:3 ҳамда голландиялик Инди де Врумни 7:6, 7:6 ҳисобида таслим қилганди.
Изоҳ (0)