Чеченистоннинг Шарой тумани Кенхи қишлоғи аҳолиси Владимир Путинга мурожаатнома юбориб, республика раҳбари Рамзан Қодировнинг ўз ҳамюртлари Рамазон Жалолдинов томонидан танқид қилингани юзасидан узр сўради. Бу ҳақда қишлоқ раҳбари Магомед Гажиевга таяниб, «РБК» хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Кенхида маҳаллий аҳоли йиғин ўтказиб, мурожаатнома имзолади ва Путиндан Жалолдиновнинг гапларини Кенхи аҳолисининг фикрлари ифодаси сифатида қабул қилмасликни сўради.
Хатда Қодировнинг танқидчисини «бутун умри давомида ўз ҳамқишлоқлари манфаатларига зид ҳолда яшаб келаётган ўқимаган одам» деб аташди. Муаллифлар фикрича, уларнинг «ватани душманлари Жалолдиновдан Россияга қарши ахборот урушида ўзларининг ярамас ниятларига эришиш учун фойдаланмоқда».
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путинга видеомурожаатида Рамзан Қодиров устидан шикоят қилган Рамазон Жалолдиновнинг уйини ёқиб юборишгани хабар берилган эди. Жалолдинов ёмон турмуш шароитларидан нолиган эди. Бундан ташқари, у бундай муаммоларга Чеченистон раҳбарияти эътибор қаратмаслиги ҳақида айтган эди.
Кейинроқ эса Рамзан Қодиров унинг устидан шикоят қилган фуқаронинг уйи ёқиб юборилгани борасидаги хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини билдирганди.
Изоҳ (0)