Мисрнинг EgyptAir компаниясига тегишли, бугун, 19 май куни ҳалокатга учраган лайнернинг қолдиқлари Грециянинг Карпатос ороли жанубидан топилди. Бу ҳақда, Reuters агентлигига асосланиб, «Ведомости» хабар бермоқда.
Айтилишича, Грециянинг қутқарув-қидирув хизматлари лайнер радарлардан ғойиб бўлган ҳудуддан 50 миля нарида, сув юзасида самолётга тегишли деб тахмин қилинаётгани иккита бўлак топиб олган.
Париждан Қоҳирага учаётган самолёт Греция ҳаво ҳудудига киргандан 20 дақиқа ўтиб, радарлардан ғойиб бўлди. MS804 рейси бортида 56 нафар йўловчи (улардан уч нафари бола) ва ўн нафар экипаж аъзоси бор эди. Уларнинг тақдири ҳозирча номаълум.
«Маядин» телеканали, EgyptAir авиакомпаниясидаги манбасига таяниб, самолёт Ўрта Ер денгизига қулаганини билдирганди.
Миср фуқаролик авиацияси вазирлиги EgyptAir компаниясининг A320 самолёти ҳалокатга учраганини расман тасдиқлади.
Изоҳ (0)