АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ходими Сенат томонидан тайёрланган АҚШда сўроқлар чоғида қийноқлар қўлланилиши ҳақидаги маърузанинг электрон версиясини ўчириб юборди, деб ёзади Daily Mail.
Махсус хизматдагилар 6,7 минг саҳифалик ҳужжат тасодифан ўчириб юборилганини таъкидламоқда. Шунингдек, эҳтиётсизлик туфайли, ҳисобот сақланаётган қаттиқ диск ҳам йўқ қилинган.
Таъкидланишича, ҳодиса ўтган йилнинг ёзида содир бўлган, аммо эндигина бу ҳақда маълум бўлган. Дастлаб маъруза ягона нусхада бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган бўлса, кейинроқ разведка бошқармасидаги манба муассаса ихтиёрида ҳисоботнинг камида яна битта нусхаси борлигини, у бош қароргоҳдаги сейфда сақланишини айтди.
Вазият сенатор Диана Файнстайнни хавотирга солди. У МРБ раҳбари Жон Бреннан ва АҚШ бош прокурори Лоретта Линчга хат юбориб, унга ҳужжат нусхасини тақдим этишни талаб қилди.
2014 йил охирида АҚШ Конгресси мамлакат махсус хизматлари томонидан террорчиликда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан қийноқлар қўллангани ҳақида расмий ҳисобот эълон қилган, шундан сўнг президент Барак Обама «Америка қадриятларига тўғри келмайдиган» бундай услублардан ортиқ ҳеч қачон фойдаланилмаслигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)