Иқтисодиёт, тиббиёт ва кимё бўйича Нобель мукофотига муносиб кўрилган Норвегия, Буюк Британия ва Исроил вакиллари КХДРга бориб, у ердаги бир қанча олийгоҳлар, жумладан, Ким Ир Сен номидаги университетда талабалар билан семинар машғулотлари ўтказади ва уларга маъруза ўқиб беради. Бу ҳақда, Ғарб матбуотига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Сафарни ташкиллаштираётган Вена халқаро тинчлик жамғармаси вакиллари гап иқтисодий сиёсат ва тиббиётни ривожлантириш сингари масалаларга йўналтирилган «сокин дипломатия» ҳақида кетаётганини билдирди.
«Шимолий Кореянинг ёш авлоди билан ишлаш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш келажакда сиёсатдан ташқари муносабатларни яхшилашга ёрдам берадиган диалог учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин», — деб бу ташаббусга изоҳ берди жамғарма раиси Уве Моравец.
Моравецнинг ўзи охирги икки йил ичида Шимолий Кореяга олти марта сафар уюштирди.
Изоҳ (0)