Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 5-тур беллашувлари старт олди. Унинг 15 апрель санасига белгиланган ўйинларида Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этаётган клублардан учтаси майдонга тушди.
Мавсум бошидан буён ўтказилган расмий ўйинларнинг ҳеч бирида мағлубиятга учрамаган Тошкентнинг «Локомотив» клуби «Машъал» устидан 3:1 ҳисобида зафар қучди. Бир тур аввал «Локомотив» Жиззахда очко йўқотган бўлса, «Машъал» мавсумдаги биринчи ғалабасини қўлга киритганди.
Мазкур беллашувда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг вице-сардори Сервер Жепаров мавсумдаги биринчи голини уришга муваффақ бўлди. Олий Лиганинг дастлабки тўрт турида 5 та гол киритган Темурхўжа Абдухолиқов, бу сафар ҳам муваффақият қозонди. Шу тариқа Абдухолиқов барча турда гол ураётган ягона футболчига айланиб олди.
Турнинг марказий ўйини Навоий шаҳрида, «Қизилқум» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Дастлабки тўрт турда 10 очко ишлаган «Қизилқум» мамлакатнинг амалдаги чемпионига ҳам жиддий қаршилик кўрсата олди.
Бир тур аввал Тошкентда «Обод» билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган Навоий клуби, бу сафар «Пахтакор» билан ҳам шу натижага имзо чекди. Бу «Пахтакор»нинг кетма-кет учинчи дуранг натижаси эди.
Куннинг сўнгги ўйинида «Насаф» 3 очко эгасига айланди. Жамоа сардори Артур Геворкян 24-дақиқасида қизил карточка олган «Қўқон—1912»га қарши ўйин Шерзод Аъзамовнинг биргина голи билан якунига етди. Бир соатдан зиёд вақт давомида бир киши кўп ҳаракат қилган Қўқон клуби, ўйин якунига қадар вазиятни ўнглай олмади.
5 та ўйинда 13 тадан очко жамғарган «Локомотив» ва «Насаф» клублари турнир жадвалида қўшҳокимликни юзага келтирган. «Қизилқум» 11 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди. «Пахтакор» ҳисобида эса 9 очко бор.
5-турнинг қолган беллашувлари 16—17 апрель кунлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Олий Лигаси 5-тур беллашуви 15 апрель, жума
«Локомотив» — «Машъал» 3:1
Голлар: Сервер Жепаров, 27-пен (1:0). Сардор Мирзаев, 67 (2:0). Темурхўжа Абдухолиқов, 79 (3:0). Шаҳзод Шайманов, 90+1 (3:1).«Қизилқум» — «Пахтакор» 2:2
Голлар: Игорь Сергеев, 64 (0:1). Самандар Шодмонов, 72 (1:1). Камолиддин Тожиев, 81 (1:2). Георгий Квесиешвили, 90+4 (2:2).«Насаф» — «Қўқон—1912» 1:0
Гол: Шерзод Аъзамов, 28 (1:0).Четлатиш: Артур Геворкян, 24 (Н).16 апрель, шанба«Металлург» — «Обод»«Навбаҳор» — «Шўртан»«Нефтчи» — «Сўғдиёна»«Бунёдкор» — «Олмалиқ»
17 апрель, якшанба«Бухоро» — «Андижон»
Изоҳ (0)