Россия президенти Владимир Путин барнауллик 16 ёшли мактаб ўқувчиси Владимир Фроловга спортзалга ярим йиллик абонемент совға қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Олтойлик ўсмир Путинга мурожаат этиб, кўп йиллик орзуси — тренажёр залидаги машғулотларга қатнашишга кўмак беришини сўраганди. Ўқувчи саккиз кишидан иборат катта оилада яшаши, ота-онасининг машғулотлар учун пул тўлашга имкони йўқлигини маълум қилган.
Фроловга ёрдам бериш Олтой ўлкаси жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига топширилди. Унга бодибилдинг бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Европа ва жаҳон чемпионатлари совриндори Александр Барбашин мураббийлик қилмоқда.
Изоҳ (0)