Европа Иттифоқининг Европа давлатлари банкларига Россия евробондларини жойлаштиришдан тийилишни тавсия қилиши мантиқдан йироқ ташаббусдир, деб таъкидлади Кремлнинг расмий вакили Дмитрий Песков. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
«Иқтисодий ҳамкорлик маконининг сиёсий босим ҳисобига торайтирилишини ақл ва мантиқ нуқтаи назаридан тушуниш ва ўзини оқлайдиган қарор деб ҳисоблаш маҳол», — деди Песков.
«Фақат афсусдалигимизни айтиш мумкин», — деб қўшимча қилди у.
Кеча, 14 март куни Брюссель Европа банкларига мурожаат қилиб, Россия евробондларини жойлашда иштирок этишдан четда туришни тавсия қилди. ЕИ расмийларининг фикрича, қоғозларни жойлаштириш ҳисобидан тўпланган маблағ «ножоиз» мақсадларда қўлланилиши мумкин. Банк раҳбарлари билан суҳбатда ЕИ вакиллари облигациялар санкцияларни четлаб ўтиш мақсадида қўлланилиши мумкинлигини эслатиб, уларни эҳтиёткорликка чорлади.
Ўз навбатида, АҚШ давлат департаменти ва молия вазирлиги банкларнинг бондларни жойлаштиришда иштирок этиш борасидаги мурожаатларига жавобан махсус огоҳлантириш эълон қилди. Вашингтон бундай шартномалар санксион сиёсатга зид келади, деб ҳисобламоқда.
Изоҳ (0)