Тошкентдаги Фурқат номидаги истироҳат боғи яқинида 2 мартга ўтар кечаси Chevrolet Nexia автомобили катта тезликда симёғочга урилди, тўқнашув оқибатида автомобилда ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақда Facebook’даги «Водители Ташкента (Drivers.uz)» гуруҳида хабар қолдирилган.
Фотохабар муаллифининг қайд этишича, Chevrolet Nexia «соатига 100—120 километр тезликда келиб, симёғочга урилган». Шундан сўнг автомобилда ёнғин келиб чиққан.
«Маст ҳолдаги ҳайдовчи Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларидан қочаётган бўлган. Ҳамма омон, жабрланувчилар шифохонага ётқизилган», — деб ёзади фотохабар муаллифи.
Хабар остида фикр билдирганларнинг баъзилари автомобилнинг соатига 100—120 километр тезликда ҳаракатланиб, симёғочга урилганини шубҳа остига олган.
«Агар машина шундай тезликда устунга урилса, ўйлашимча, жабрланувчини даволаб бўлмайди. Суратдаги автомобиль бунчалик катта тезликда урилганга ўхшамаяпти», — деб ёзади улардан бири.
Изоҳ (0)