Михаил Фридман, Герман Хан ва Алексей Кузмичевга қарашли LetterOne (L1) холдинги мобил дастурлар орқали такси буюртма қилиш хизмати — Uber’га 200 миллион доллар инвестиция киритди. Бу ҳақда холдинг томонидан расман маълум қилинди, дея хабар беради «РБК».
Холдинг АҚШ компаниясига қачон инвестиция киритгани ва қанча улушга эга бўлиши билдирилмаган. LetterOne эгаларига яқин манба келишув ва маблағ миқдорини тасдиқлади, Uber сервисининг Россиядаги бўлинмаси матбуот хизмати эса янгиликка изоҳ беришдан бош тортди.
«Uber’да компанияни дунёдаги энг нуфузли технологик бизнесга айлантириш учун зарур мушоҳада ва малакага эга истеъдодли менежмент борлиги L1 инвесторларини ўзига торди», — дея таъкидлаган холдинг директорлар кенгаши раиси Михаил Фридман.
Маълумотларга кўра, Алишер Усмоновнинг USM холдинги ҳам Uber инвестори ҳисобланади: холдинг 2015 йил ёзида стартапга бир неча ўн миллион доллар маблағ тиккан. Ўша пайтда АҚШ компанияси 51 миллиард доллар баҳоланган бўлса, йил охирига келиб, унинг қиймати 62,5 миллиард долларга етди. 68 мамлакатдаги 400 та шаҳарда фаолият кўрсатаётган сервис дунёдаги энг қиммат стартаплар рўйхатини бошқаради.
Изоҳ (0)