Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тизимига кирувчи Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилотининг эпидемиология бўйича эксперти Маркос Эспиналь Зика вируси Америка қитъасида кенг тарқалиши мумкинлигини айтмоқда, деб хабар қилади «ТАСС».
«Зика вируси 3—4 миллион одамга зарар етказиши мумкин», — деди Эспиналь Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ижроия қўмитаси йиғилишидаги чиқишида. Аммо у бунинг учун қанча вақт кетиши мумкинлигига ойдинлик киритмади.
Зика вируси жинсий алоқа ва онадан ҳомила йўлдоши орқали болага ўтади, аммо бошқа йўл билан тўғридан-тўғри одамдан одамга юқмайди. Чақувчи Aedes Aegypti чивини Зика безгагининг асосий тарқатувчиси ҳисобланади.
Вирус ҳозиргача Осиё, Африка, Жанубий ва Шимолий Америка, Тинч океани ҳудудларида тарқалгани аниқланди. Ғарбий ярим шарда айниқса тез тарқалмоқда — вирус 55 мамлакатдан 21 тасига кириб борди. 2015 йилнинг майида Зика билан касалланганлар фақат Бразилияда қайд қилинганди.
Изоҳ (0)