Мельбурн шаҳрида «Катта Дубулға» туркумига кирувчи Австралия Очиқ чемпионатининг ўсмирлар ўртасидаги мусобақасида еттинчи рақам остида таснифланган Жўрабек Каримов турнирнинг чорак финал иштирокчисига айланди. Бу ҳақда «Оламспорт» хабар бермоқда.
Ўзбекистонлик теннисчи учинчи давра учрашувида кореялик Чанг-Ён Охга қарши кортга чиқди ва рақибини 6:4, 6:2 ҳисобида таслим этди. Унинг ярим финал остонасидаги рақиби япониялик Йосуки Ватануки бўлади. Турнирда 13-рақам остида таснифланган япон теннисчиси учинчи даврада мусобақанинг иккинчи ракеткаси сербиялик Миомир Кезмановични баҳслардан чиқариб юборди.
Жўрабек илк даврада АҚШ вакили Эзикел Кларкни 6:1, 6:3, иккинчи босқичда гонконглик Энтони Тангни 6:4, 6:4 ҳисобида таслим этганди. Жўрабек Каримов ўтган йилги Австралия Очиқ чемпионатида ярим финалга қадар етиб келган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу турнирда иштирок этаётган яна бир ўзбекистонлик теннисчи Ҳумоюн Султонов 2-даврада мусобақалардан чиқиб кетди.
Изоҳ (0)