Ўзбекистон ҳудудида 2016 йилнинг дастлабки икки ҳафтаси давомида интенсивлиги икки баллдан юқори бўлган камида олти зилзила сезилди. Йилнинг биринчи ерости силкинишлари 1 январь куни Тошкент вақти билан 8:26 да қайд этилди — зилзила интенсивлиги Андижонда 2—3 баллга тенг бўлди.
2- ва 8 январь кунлари Афғонистонда юз берган зилзилалар Тошкентда 2 балл бўлиб сезилди. 9 январь куни Ўзбекистонда, аниқроғи, Янгийўл шаҳри яқинида зилзила қайд этилди.
13 январь куни Афғонистонда юз берган зилзила кучи Тошкентга 2—3 балл бўлиб етиб келган бўлса, 14 январь куни Тошкент вақти билан 8:24 да Ўзбекистон—Қозоғистон чегарасида навбатдаги зилзила қайд этилди.
«Кузатилаётган кучсиз зилзилалар тўпланиб қолган ортиқча кучланишларни тарқатиш билан боғлиқ одатий жараёндир. Бундай кучсиз зилзилалар бўлмаса, ҳушёр тортамиз», — дея «Дарё» интернет-нашрига ахборот берди Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти директори Сабриддин Ҳусамиддинов.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Марказий Осиё ва Ўзбекистон ҳудудида кузатилаётган сейсмик фаоллик 2018 йилга қадар давом этиши мумкин.
Аввалроқ, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини зилзила ва ерости силкинишлари вақтида қўрқмасликка чақиргани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)