Арманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат бош вазирининг собиқ ўринбосари (мудофаа вазири ўринбосари лавозимини ҳам эгаллаган) Ваган Ширханянни ҳибсга олди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Мамлакат миллий хавфсизлик хизмати томонидан тарқатилган хабарда Ширханян «Артур Варданян томонидан тузилган жиноий гуруҳ фаолиятида иштирок этгани ва аниқ топшириқлар олгани» маълум қилинган.
Артур Варданян бошчилигидаги жиноий гуруҳ қўлга олингани ҳақида 25 ноябрда эълон қилинди. Гуруҳ томонидан Ереванда ижарага олинган квартирадан тинтув чоғида автоматлар, пистолетлар, гранатомётлар, гранаталар, портловчи қурилмалар, зирҳли нимчалар ва алоқа воситалари топилган.
Арманистон миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Горик Акопян таъкидлашича, гуруҳ аъзолари «давлат ва жамоат арбоблари, фуқароларни ўлдиришга тайёргарлик кўрган». Мазкур жиноий гуруҳ иши бўйича жами 21 киши қўлга олингани айтилмоқда.
Изоҳ (0)