Чеченистонлик ёзувчи Руслан Закриев Москванинг Хамовнический туман судига АҚШнинг 20th Century Fox кинокомпаниясига қарши даъво киритди. Ёзувчи киностудияни «Аватар» фильмини ишлаб чиқариш чоғида муаллифлик ҳуқуқи бузилганида айблаб, маънавий зарар учун 10 миллион рубл миқдорида товон пули талаб қилмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» ҳабар беради.
«Судга 20th Century Fox кинокомпанияси томонидан 2009 йилда мен томонимдан 1996—2001 йилларда ёзилган ва 2002 йилда чоп этилган «Махфий қурол» бадиий асари ғояларидан фойдаланилгани муносабати билан мурожаат этдим», — дея таъкидлаган Закриев.
Ёзувчи ўзининг муаллиф эканлигини экспертлар хулосаси, ‘Махфий қурол’ романига 2002 йилда олинган эгалик ҳуқуқи, икки асар ўхшашлиги тан олинган «Аватар» фильми режиссёри Жеймс Кэмероннинг вакиллари ёзган мактублар билан исботлаш ниятида. Закриевнинг айтишича, у Кэмерон билан беш йилдан бери музокара олиб боради. Шу вақт мобайнида у ишни судгача олиб бормаслик сўралган ва қарши даъво бериш билан таҳдид қилинган ўнга яқин хат олган.
2009 йилда экранларга чиққан «Аватар» тижорий жиҳатдан кино тарихидаги энг муваффақиятли фильм саналади: картина 2,7 миллиард доллар даромад келтирган.
Изоҳ (0)