Американинг йўл хавфсизлиги суғурта институти (IIHS) томонидан 2016 йил учун Шимолий Америка бозорига тақдим этилган энг хавфсиз автомобиллар рейтинги тузиб чиқилди. Бу ҳақда «Carzone.uz» хабар бермоқда.
Мазкур рўйхатга Top Safety Pick+ 2016 мукофотини қўлга киритган 48 та автомобиль киритилди. Шунингдек, яна 13 та модель қуйироқ даражадаги Top Safety Pick 2016 мукофотига сазовор бўлди. Таъкидлаш жоизки, 2015 йилги натижалар билан солиштирилганда, энг хавфсиз автомобиллар рўйхатидаги моделлар сони 10 тага камайган.
Маълумки, IIHS синовлари бу борада жаҳондаги энг қаттиққўл саналади. 2015 йилда эса краш-тестлар усули янада кучайтирилди. Масалан, юқоридаги мукофотлардан бирини қўлга киритиш учун автомобиль энг камида олд томонидан содир бўладиган тўқнашувларни бартараф этишга хизмат қилувчи базавий тизимга эга бўлиши керак.
Шундай қилиб, IIHS синовлари натижаларига кўра, Toyota автомобиллари дунёдаги энг ишончли уловлар деб топилди. Япон маркасининг 10 та модели Top Safety Pick+ мукофотига эга бўлди. Иккинчи ўринда эса 8 та Top Safety Pick+ ва битта Top Safety Pick мукофотини қўлга киритган Honda русумли автомобиллар эгаллади. Еттита Top Safety Pick+ мукофотини тўплаган Volkswagen компанияси учинчи ўринни банд этди. Унинг VW ва Audi автомобилларига эгалик қилаётган харидорлар ҳам бирмунча хотиржамроқ машина бошқаришлари мумкин. Энг хавфсиз автомобиллар рейтингида Subaru ва Volvo моделлари ҳам жой олди.
Эътиборлиси, рейтингнинг ўрта нарх тоифасидаги хавфсиз автомобиль сифатида Chevrolet Malibu Limited модели тилга олинди. Ўрта ҳажмли машиналар ичида эса Chevrolet Equinox модели Top Safety Pick+ 2016 мукофотини қўлга киритди. Chevrolet компаниясининг Chevrolet Sonic автомобили эса ихчам автомобиллар рўйхатида худди шу мукофотга эга бўлди.
Изоҳ (0)