Марк Цукербергнинг Facebook’даги акцияларининг 99 фоизини хайрияга йўналтириши ҳақидаги қарори жамоатчилик эътиборини тортиш мақсадидаги ҳаракатдир, деб ёзади Gawker портали журналисти Сэм Биддл. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, бизнесмен қизиқ бир PR-манёврни амалга оширган.
Биддл Facebook асосчисининг ушбу қадамини тадбирли деб ҳисоблайди, чунки бизнесмен ўз рафиқаси Присцилла Чан билан акцияларни ўзлари очадиган компания орқали сарфлайди.
Buzzfeed портали Facebook вакили билан боғланганида, у Цукерберг рафиқаси билан хайрия жамғармаси эмас, компания очишини тасдиқлаган. Шунингдек, маблағ нафақат филантропияга, балки қатор жамоатчилик ташаббусларига сарфланишини таъкидлашган.
Эслатиб ўтамиз, Марк Цукерберг ва Присцилла Чан қизига мактуб ёзиб, унда қизалоқ вояга етиши умид қилинаётган олам ҳақида ҳикоя қилади.
Цукербергнинг маълум қилишича, у ва унинг турмуш ўртоғи жаҳондаги барча болалар учун шундай оламни қуришда ёрдам бериш учун кичик ҳисса қўшади. «Биз Facebook’даги акцияларимизнинг 99 фоизини — ҳозирги вақтда уларнинг қиймати 45 миллиард долларга тенг — ҳаётимиз давомида бу оламни кейинги авлодлар учун янада яхшилаш учун йўналтирамиз», — деб ёзди Марк Цукерберг.
Изоҳ (0)