Молдова расмийлари 1 ноябрга ўтар кечаси Руминия пойтахти Бухарестдаги тунги клубда рўй берган ёнғинда жабрланганлар учун қон тўплаш кампаниясини бошлади. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Руксанда Главан маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Ҳукумат даражасида қўшни давлатга гуманитар ёрдам кўрсатишга қарор қилдик. Бу қон ва унинг компонентларидан иборат. Барчани ҳафта охиригача давом этадиган мазкур акцияда иштирок этишга чақирамиз», — дея давъат қилган Главан.
Миллий қон қуйиш маркази директори Светлана Чеботарнинг айтишича, 2 ноябрь, душанба кунининг ўзида бу чақириққа юздан зиёд киши жавоб берган. Давлат захираларидан олинган тахминан 500 литр қон ва унинг компонентлари ҳам 2 ноябрда Руминияга жўнатилади.
Охирги маълумотларга кўра, тунги клубдаги фожиа оқибатида 30 киши ҳалок бўлган, 137 киши турли жароҳатлар билан касалхоналарга ётқизилган. Улардан 90 кишининг ҳолати оғир эканлиги айтилмоқда. Руминия бош прокурори Тибериу Ницу тунги клуб эгалари умрбод озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини билдирган.
Изоҳ (0)