Япон мафияси — якудзага мансуб «Ямагути-гуми» синдикати Хэллоуин муносабати билан уюштириладиган болалар байрамини бекор қилди. Ташкилотчилар синдикатда сентябрь ойида рўй берган бўлинишдан сўнг қонли тўқнашувлар юзага келишидан хавфсирамоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.
Байрам бекор қилиниши тўғрисидаги эълон Коба шаҳридаги «Ямагути-гуми» офиси эшикларида пайдо бўлди. Қолдирилиш сабаблари ошкор этилмаган эълонда «Байрамни сабрсизлик билан кутган ота-оналар ва болаларни таъбини хира қилганимиздан афсусдамиз. Байрам келгуси йили ўтказилишини ваъда қиламиз», дейилган.
Сентябрь ойи бошланишида якудзанинг энг йирик синдикати бўлган «Ямагути-гуми»да ихтилоф содир бўлди. Синдикатнинг бир қисми тахминан 3 минг кишини бирлаштирган «Кобе Ямагути-гуми» мустақил уюшмасини тузди. Расмийлар гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар юзага келишидан хавфсирамоқда, шу сабаб полиция кучайтирилган тартибдаги хизматга ўтказилган, ҳибсга олишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган йил охиридаги маълумотларга кўра, япон мафиясининг умумий сони 53 минг кишига яқин. «Ямагути-гуми» 13 та уюшма ва гуруҳларни бирлаштиради, барча якудзаларнинг 46 фоизи мазкур синдикатга аъзо ҳисобланади.
Япониядаги кўплаб мафия гуруҳлари, гарчи полиция назорати остида бўлса-да, ошкора фаолият юритади. Якудза тез-тез байрам ва фестиваллар ўтказиб туради ва бу яхшигина даромад келтиради.
Изоҳ (0)