АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш мамлакати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон минтақавий масалаларни муҳокама қилиш бўйича янги мулоқот форматини ўрнатди. Бу ҳақда, 26 сентябрь куни Нью-Йоркда АҚШ давлат котиби Жон Керрининг мазкур беш мамлакат ташқи ишлар вазирлари билан бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича, АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Жон Кирби маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«АҚШ давлат котиби ва Марказий Осиё (C5) мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари АҚШ ва минтақа мамлакатлари хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт соҳасидаги янги чақирувларга биргаликда қандай муносабат билдириш мумкинлигини муҳокама қилишди», — дейди Жон Кирби. Муҳокамалар давомида Афғонистондаги вазият ва унинг Марказий Осиёдаги барқарорликка таъсири масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шундан сўнг учрашув қатнашчилари минтақанинг мазкур мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамда Осиё ва Европанинг қолган мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларнинг яхшилануви тинч ва барқарор тараққиётга кўмак бериши ҳақида фикр алмашган. «Давлат котиби ва ташқи ишлар вазирлари амалдаги икки томонлама мулоқотларга қўшимча сифатида яқин вақт ичида C5+1 форматида янги муҳокамаларни ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олди», — дейди Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари.
Изоҳ (0)