Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақалари тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, дея хабар бермоқда «Norma.uz».
Ҳужжатга кўра, ҳисобварақа очишда банкларнинг йўриқномада кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қўшимча ҳужжатлар талаб этиши ман қилинади. Аввал қонунда белгиланган ҳолатларда қўшимча ҳужжатлар сўраш имконияти кўзда тутилган эди.
Энди миллий валютада корреспондентлик ҳисобини очишда тижорат банкларининг статистика органлари томонидан тақдим этилган Корхона ва ташкилотлар ягона давлат регистрига киритилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини кўрсатиши талаб этилмайди. Юридик шахслар томонидан миллий валютада депозит ҳисоби очиш учун эса банкка бошқа ҳужжатлар қаторида давлат солиқ органларида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи маълумотнома тақдим этилади.
Ҳужжатда бошқа қўшимча ва ўзгартиришлар ҳам назарда тутилган.
Изоҳ (0)