Қозоғистоннинг Олмаота ва Остона шаҳарларидаги валюта айирбошлаш шохобчалари, валюта тақчиллиги сабабли, доллар ва евро сотишни тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.
«МИГ» валюта айирбошлаш шохобчалари тармоғидан маълум қилишларича, сотиладиган бир доллар нархи 297 тенгега чиқиб кетган, бироқ айни вақтда тармоқ ихтиёрида доллар ҳам, евро ҳам йўқ. «Одамлар фақат доллар ва евро сотиб оляпти, ҳеч ким тенгега алмаштирмаяпти, шу сабабли валюта ҳам йўқ», — дейди бошқа бир шохобча вакили.
Олмаотадаги валюта айирбошлаш шохобчаларида доллар 285 тенгедан 296 тенгегача нархда сотиб олинмоқда. Остонадаги шохобчалар эса долларни 290 тенгедан харид қилмоқда. Қозоғистон фонд биржасининг 16 сентябрдаги савдолари чоғида доллар курси 283,98 тенгегача кўтарилди. Долларнинг расмий курси эса чоршанба куни 276,83 тенгега тенг эди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон 20 августдан тенгенинг эркин айирбошлов курсига асосланган янги пул-кредит сиёсатини амалга оширишига киришди. Натижада тенге долларга нисбатан ўша куннинг ўзидаёқ 26 фоизга қадрсизланиб, бир доллар қиймати 255,26 тенгега тўғри келиб қолганди.
Изоҳ (0)