Беларусдаги навбатдаги президент сайловларида амалдаги президент Александр Лукашенконинг, афтидан, учта рақиби бўлади. Бу ҳақда «Echo.msk.ru» хабар бермоқда.
Президентликка номзодлардан бири — захирадаги полковник, Ватанпарварлар партияси етакчиси ва Беларусь казаклари атамани Николай Улахович тўлиғича амалдаги президентни қўллаб-қувватлайди. «Президент сайловларида мунтазам иштирок этиб келадиган либерал-демократлар етакчиси Сергей Гайдукевични ҳам сиёсий рақиб деб айтиш қийин», — дейилади хабарда.
Яна бир эҳтимолий номзод — «Ҳақиқатни сўзла» ҳаракатидан Татьяна Короткевич бўлиб, у ўзини демократик кучлар вакиласи деб атайди ва ислоҳотлар ўтказилиши тарафдоридир. Президентликка номзодларнинг барчаси, хусусан, Лукашенко ҳам зарур барча ҳужжатлар ва 100 минг нафардан сайловчининг имзосини Марказий сайлов комиссияси (МСК)га тақдим этган.
Ҳужжатларни қабул қилиш жараёни 5 сентябрь, шанба куни якунига етди. Энди МСК номзодларни рўйхатга олгани ҳақидаги қарорини эълон қилиши керак. Бу 10 сентябрь куни юз беради. 11 сентябрдан эса сайловолди ташвиқоти бошланади.
Экспертларнинг фикрича, мазкур сайловда Лукашенкога жиддий рақиб йўқ. Мамлакат иқтисодиётидаги вазият ёмонлашаётганига қарамай, Беларусда Украина сценарийсининг такрорланиши билан боғлиқ хавотирлар сабаб, Лукашенконинг рейтинги сўнгги ойларда фақат ўсиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Беларусдаги президент сайлови 11 октябрь куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)