Украина Олий Радаси биноси олдидаги тартибсизликлар вақтида яраланган Украина Миллий гвардияси жангчиси касалхонада вафот этди. Бу ҳақда, Meduza’нинг ёзишича, Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков Twitter’да маълум қилди.
Украина Ички ишлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Олий Рада яқинидаги тўқнашувлар натижасида 141 киши жабрланган, уларнинг 131 нафари милиционерлар ва Миллий гвардия жангчиларидир. Тартибсизликлар давомида 18 киши ҳибсга олинган.
Украина Олий Радаси биноси олдидаги тартибсизликлар 31 август куни, депутатлар конституциявий ислоҳотлар лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаганликлари маълум бўлганидан сўнг бошланди. Тўқнашувлар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига қарата граната отилгани айтилмоқда.
Олий Рада олдидаги намойишда миллатчилик кайфиятидаги «Свобода» бирлашмаси тарафдорлари қатнашган. Вазир Арсен Аваков «Свобода» ва унинг етакчиси Олег Тягнибокни тўғридан-тўғри қотилликда айблади. «Тягнибок бизнинг аскарларимизни ўлдирган бандитларни бошлаб келди!», — деди ИИВ раҳбари.
Изоҳ (0)