Хитой халқ банки (Марказий банк) 26 август, чоршанба куни ликвидликни тартибга солиш бўйича қисқа муддатли воситалар ёрдамида мамлакат молия тизимига 140 миллиард юань (21,8 миллиард доллар) киритди. Бу ҳақда, «TASS» хабарига кўра, банк сайтида эълон қилинган расмий баёнотда маълум қилинган.
Ликвидликни тартибга солиш бўйича қисқа муддатли воситалар дейилганда Марказий банкнинг қарз маблағлари тушунилади. Жорий кунги операция шартларига мувофиқ, мазкур маблағлар 6 кунлик муддатга 2,3 фоиз ставкаси билан тақдим этилган.
Хитой халқ банки 25 август, сешанба куни 26 августдан бошлаб бир йиллик кредитлар учун фоиз ставкасини 4,6 фоизгача, депозитлар бўйича фоиз ставкаларини эса 1,75 фоизгача камайтиришга қарор қилди (ҳар иккала ҳолатда ставкалар 0,25 фоизга камайган).
Бундан ташқари, банк тизимида ликвидликнинг мақбул даражасини сақлаб туриш мақсадида 6 сентябрдан эътиборан молия муассасалари учун захиралаш нормаси 50 базис пунктгача камайтирилган.
Марказий банкнинг мазкур қарори Хитой фонд биржалари кўрсаткичлари пасайиб бораётган бир вақтда қабул қилинди. Маълумот учун, Хитой биржалари 24 ва 25 август кунлари мос равишда 8 ва 7 фоизга камайди.
Изоҳ (0)