Чехиянинг Германия билан чегарасида жойлашган Литвинов шаҳридаги Unipetrol кимё заводи ҳудудида 13 август, пайшанба куни икки портлаш юз берди, оқибатда ёнғин келиб чиқди. «Сегодня.ua»нинг ёзишича, ёнғинни ўчириш учун вилоятдаги барча ўт ўчириш бўлинмалари жалб қилинган, бироқ ҳозирча саъй-ҳаракатлар самара бермаяпти.
Заводда янги чақнашлар қайд этилмоқда, муассасанинг барча ходимлари тўлиқ эвакуация қилинган, ҳудудда энг юқори хавф даражаси эълон қилинган. Жабрланувчиларнинг аниқ сони тўғрисида ҳозирча маълумотлар йўқ, қайд этишларича, корхонанинг бир ходими ҳамда ҳодиса жойига шошилинч ёрдам учун йўлга чиққан шифокор бедарак йўқолган. Бундан ташқари, беш киши (уларнинг тўрт нафари ўт ўчирувчилар) касалхонага ётқизилган.
Маҳаллий маъмурият яқин атрофдаги ҳудуд аҳолисига деразаларни ёпишни ва зарурат бўлмаса кўчага чиқмасликни тавсия қилмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, портлашга техник носозлик сабаб бўлган.
Изоҳ (0)