Тошкентда 11 август, сешанба куни «Пахтакор» клубининг 1979 йилги авиаҳалокатда ҳаётдан кўз юмган аъзоларини хотирлаш тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда «Championat.asia» хабар бермоқда.
Дастлаб «Пахтакор» стадионидаги ёдгорлик олдида жамоанинг аксарият аъзолари оиласи ва яқинлари, мураббий ва мутахассислар, мухлислар, клублар, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Профессионал футбол лигаси вакиллари, айни пайтда Олий Лига клубларида тўп сураётган футболчилар жам бўлишди.
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Салим Эшмуҳаммедов ва Мурод Алиев ўша жамоа ҳақида ўз фикрлари ва хотираларини сўзлаб берди. Кейин барча Боткин қабристонига йўл олди.
У ерда эса ЎФФ Фахрийлар кенгаши раиси Наримон Жалолов, Тўлаган Исоқов ва Алла Тазетдинова жамоа тўғрисида ўз хотиралари билан ўртоқлашди. Шундан сўнг марҳум футболчиларнинг қабрларига гуллар қўйилди.
«11 августда, кун давомида ‘Пахтакор-79’ хотирасига бағишланган бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)