Кремний водийсининг бир қатор гигант-компаниялари, хусусан, Google, HP ва Facebook Apple’нинг даъволарига қарши чиқди ва Samsung’ни қўллаб-қувватлади — iPhone ишлаб чиқарувчи компания Жанубий Корея ширкатини патент ҳуқуқларини бузишда айблаб келаётган эди. Бу ҳақда «Hi-tech.mail.ru» хабар бермоқда.
Apple ва Samsung ўртасидаги патент уруши 2011 йилдан бери давом этмоқда. Apple даъволарига кўра, Samsung ўз смартфонлари учун iPhone’нинг кўплаб ўзига хосликларини кўчириб олган. Даъводан iPhone’нинг айлана кўринишидаги бурчаклари, мультитач ва бармоқ билан босиш орқали яқинлаштириш каби хусусиятлари ўрин олган.
Кремний водийси компанияларининг фикрича, Apple даъволарининг қаноатлантирилиши «мантиқсиз натижалар ҳамда янги технологиялар ва улар учун эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқиш учун ҳар йили миллиардлаб доллар сарфлаётган компаниялар учун вайронкор таъсирга олиб келиши мумкин».
Компаниялар баёнотида қайд этилишича, замонавий технологиялар шу қадар мураккаб ва шу қадар кўп эҳтиёт қисмлардан ташкил топганки, уларнинг ҳар бири битта суд тортишувига сабаб бўлиши ва исталган компания патент ҳуқуқларини бузишда айбдор деб топилиши, охир-оқибат, барча ишланмалар тўхтаб қолиши мумкин.
Изоҳ (0)