Британиянинг Фулхэм шаҳрида истиқомат қилувчи 100 ёшли Дорис Эйлингга шаҳар касалхонасидан унинг ҳомиладорлиги, шу муносабат билан тегишли текширувдан ўтиб, таҳлилларни топшириши кераклиги ҳақида мактуб келди. Бу ҳақда The Sun хабар бермоқда.
Эйлингнинг сўзларига кўра, гинекологлар томонидан унинг исми ва туғилган санаси тўғри ёзилганига қарамай, ҳужжатни ўқиганидан сўнг у ўзини дарҳол нохуш ҳис қилган. «Менинг уч фарзандим ва 20 нафар неварам бор, 70 йилдан бери ҳомиладор бўлмаганман. 100 ёшимда қандай қилиб ҳомиладор бўлишим мумкин?!», — деди кекса аёл.
Касалхона билан боғланган Эйлинг ва унинг қариндошлари хатолик юз берганини аниқлади. Касалхона ходимлари «безовта қилганликлари учун» кекса аёл ва унинг оиласидан кечирим сўради. Аёлнинг 76 ёшли ўғли сўзларига кўра, тушунмовчилик ҳал этилганидан сўнг онаси кулиб қўйган.
Гиннеснинг рекордлар китобига кўра, табиий йўл билан ҳомиладор бўлиб, сўнг фарзанд кўрган жаҳондаги энг кекса аёл 59 ёшли британиялик Дон Брук ҳисобланади. У 1997 йили шифокор кўрсатмасига асосан таркибида эстрогенлар мавжуд дориларни қабул қилиб, кутилмаганда ҳомиладор бўлиб қолган.
2006 йили, 66 ёшида фарзанд кўрган испаниялик Мария дель Кармен Бусада де Лара экстрокорпорал уруғлантириш (ЭКУ) йўли билан ҳомиладор бўлган жаҳондаги энг кекса аёл ҳисобланади. У 2009 йили, туғуруқдан сўнг ривожланиб кетган ошқозон саратонидан вафот этган.
Изоҳ (0)