Испания пойтахти Мадрид шаҳрида ўтказилган IAAF World Challenge турнирида ўзбекистонлик Светлана Радзивил 1,94 м баландликни забт этиб, кумуш медаль ва 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасига эга бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабар беради.
Эслатиб ўтамиз, Светлана Радзивил 2008 йили Пекин (Хитой)да ҳамда 2012 йили Лондон (Буюк Британия)да бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида иштирок этган. Чин мамлакатида ўтказилган ХXIХ ёзги Олимпиада ўйинларида 1,89 м натижа билан 18-ўринни эгаллаган бўлса, 2012 йили Лондонда ўтказилган ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларида 1,97 м баландликни забт этиб, 7-ўринни қўлга киритган.
Демак, Светлана Радзивил учинчи бор Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш бахтига муяссар бўлди.
Шу тариқа Ўзбекистон енгил атлетикачилари XXXI Олимпиада ўйинларининг иккинчи йўлланмасига эга бўлди. Бунга қадар марафончи Ситора Ҳамидова Рио—2016 йўлланмасига эга бўлган эди.
Изоҳ: Олдинроқ Светлана Радзивил Мадриддаги мусобақада бронза медалини қўлга киритганлиги тўғрисида хабар берилган эди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси аниқлик киритишича, Радзивил сент-люсиялик Леверн Спенсер билан бир хил натижа қайд этган ва иккала спортчи ҳам кумуш медали билан тақдирланган.
Изоҳ (0)