Хитойдаги давлат улуши бор компанияларга ўз акцияларини биржада сотиш вақтинча тақиқланди. Meduza’нинг хабар беришича, бу ҳақдаги қарор Хитой ҳукуматининг давлат мулкини бошқариш қўмитаси томонидан қабул қилинган.
Айни вақтда, давлат компанияларига биржаларда бошқа Хитой компанияларининг акцияларини фаол сотиб олиш ҳақида кўрсатма берилган.
Бундан ташқари, биржа бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Хитой ҳукумати суғурта компанияларига ўз капиталининг 40 фоизини акцияларга тикишга рухсат берган. Авваллари бу борадаги лимит 30 фоиз этиб белгиланган эди.
Бундан ташқари, Хитой Марказий банки «биржа бозорини барқарорлаштириш учун ликвидлик тақдим этиш» режаларини эълон қилди, бироқ гап қанча миқдордаги пул ҳақида бораётганига аниқлик киритмади.
Бироқ бу чоралар ҳозирча натижа келтирганича йўқ. 8 июлдаги савдолар натижасига кўра, Шанхай биржаси индекси яна 4 фоизга пастлади. Умуман, сўнгги бир неча ҳафтадан бери Хитой биржаларидаги акциялар баҳоси кескин арзонлашмоқда.
Изоҳ (0)