Голливуд актёрлар Брэд Питт ва Анжелина Жоли Британия шаҳзодаси Уильям ва унинг турмуш ўртоғи Кэтриннинг меҳмони бўлди. Vesti.ru’нинг ёзишича, Кенсингтон саройи ҳам мазкур учрашув 26 июнь куни бўлиб ўтганини тасдиқлади.
«Кембриж герцоги ва герцогиняси жума куни тушда Кенсингтон саройида чой устида Брэд Питт ва Анжелина Жоли-Питт билан суҳбат қурди. Улар ўзларини қизиқтирган браконьерликка қарши кураш масаласини муҳокама қилди», - деди Уильям ва Кэтриннинг вакили. Чойхўрлик бир неча соат – режалаштирилганидан анча узоқ давом этди.
Актёрлар Кембрижнинг кичик шаҳзодаси Жоржни ҳам кўриб, Уильям ва Кейтга яқин туғилган иккинчи фарзандлари – малика Шарлотта шарафига совға тақдим этди. Жоли ва Питтнинг фарзандлари ҳам Лондонга учиб келганди, бироқ улар қироллик оила аъзолари билан учрашмади.
29 июнь куни Жоли Британия ташқи ишлар вазирлиги ва Миллатлар ҳамдўстлиги ишлари бўйича вазирлик вакиллари билан тушлик қилди. Бунда БМТнинг махсус элчиси ҳисобланган актриса қуролли низолар давом этаётган ҳудудларда жинсий зўравонликка қарши кураш масаласини муҳокама этди.
Изоҳ (0)