Аргентиналик ишбилармон Алехандро Бурсако Италия полициясига таслим бўлди. «РИА Новости» хабарига кўра, у ФИФАдаги коррупция можароси иштирокчиларидан биридир ва АҚШ Адлия вазирлиги томонидан унга қарши айблов эълон қилинган.
Трентино полицияси раҳбари Жузеппе Рикарионинг маълум қилишича, Бурсако сешанба куни икки адвокати ҳамроҳлигида полиция бўлинмасига келган ва полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган.
27 май куни ФИФАнинг бир қатор амалдорлари коррупция гумони билан Цюрихда ҳибсга олингани маълум бўлганди. АҚШ бош прокурори жаҳон футболининг бош ташкилотида сўнгги йигирма йилдан бери коррупция «гуллаб-яшнагани», шунингдек, фирибгарлик, рэкет ва пул ювиш каби жиноятлар содир этилганини маълум қилганди.
Авалроқ Бурсако Цюрихда ҳибсга олинишдан қутилиб қолгани ҳақида хабар берилган эди. Аргентина солиқ хизмати эса Torneos y Competencias компанияси президенти ҳисобланган Бурсакони солиқ тўловларидан бўйин товлашда айблаб чиққанди.
Изоҳ (0)