Inter Tashkent Expo компанияси тўй маросимлари ҳақидаги «Тўйлар муборак» журнали билан ҳамкорликда 2015 йил 30 май куни соат 19.00 да Lotte City Hotel Tashkent Palace меҳмонхонасида «Тўйлар муборак» фестивалини ташкиллаштиради. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Тўйлар муборак» Ўзбекистондаги тўй тантаналари ва никоҳ маросимлари ҳақида ўзбек тилида ҳикоя қилувчи биринчи сержило журнал ҳисобланади. «Тўйлар муборак» журнали ҳозирда ўз фаолиятини кенгайтириб, янгидан-янги ва турфа хил йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад миллий қадриятларимизни сақлаш ҳамда тараққий топтириш, ўзбек халқининг ноёб ва бебаҳо маънавий дунёси, маданий мероси, анъаналари ва маросимларини намоён қилиш ва юксалтиришдан иборат.
Лойиҳа бир қатор етакчи тўй либослари салонларининг дизайнерлари томонидан тақдим қилинадиган келин кўйлаклар ва миллий либослар дефилеси, эстрада юлдузлари иштирокидаги мусиқий шоу-дастур ҳамда меҳмондўст халқимизнинг шарқона услубдаги дастурхонини ўз ичига олади. Бундан ташқари, меҳмонлар тадбир доирасида ўзбекнинг энг яхши анъаналарига хос турли томошаларга ҳам гувоҳ бўлади.
Тадбирга дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, тўй саноатининг етакчи намоёндалари, шоу-бизнес юлдузлари таклиф қилинади. Батафсил маълумот учун +99890 902 92 96 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.
Изоҳ (0)