Араб давлатлари ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Яқин Шарқнинг маданий ва тарихий меросини ҳимоя қилишга тайёр, деб хабар қилади ТАСС.
14 май куни Миср пойтахти Қоҳирада қадимий ёдгорликларни асраш мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Миср, Саудия Арабистони, БАА, Ироқ, Иордания, Кувайт, Ливан, Судан ва Уммон томонидан имзоланган Қоҳира декларациясида мамлакатлар маданий ёдгорликларнинг йўқ қилиниши ва ўғирланишига қарши ҳаракат қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Араб давлатларини айниқса бутун минтақа бўйлаб ҳайкалларни бузиб ташлаётган экстремистлар ташвишга солмоқда. ИШИД жангарилари Ироқнинг қадимий Нимруд шаҳридаги бебаҳо ҳайкалларни, Сурия ва Ироқда ислом ва христиан эҳромларини бузиб ташлади.
Яқинда Сурия ҳукумати жаҳон ҳамжамиятини ЮНЕСКО томонидан бутунжаҳон мероси деб топилган қадимий Палмиранинг бузилиб кетиши хавфи борлигидан огоҳлантирганди. Сўнгги хабарларга қараганда, ИШИД жангарилари антик даврнинг энг машҳур шаҳарларидан бири ҳисобланган Палмира харобаларидан 2 километр узоқликда бўлиб турибди.
Шаҳардаги энг қимматли ёдгорликлар олиб кетилган. Аммо ҳужум уюштириладиган бўлса, меъморий ёдгорликлар ва эҳромларни сақлаб қолишнинг имкони йўқ.
Изоҳ (0)