Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Москвадаги Ғалаба парадига келмайдиган бўлди. Бу ҳақда Meduza.io хабар бермоқда.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Ким Чен Ин ички ишлар билан банд бўлгани сабаб, КХДРда қолишга қарор қилган. «У парадга келолмайди, бизга дипломатик каналлар орқали шуни маълум қилишди», - деди Песков.
2014 йил декабрида Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Ким Чен Ин Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан «Москвада бўладиган парадда иштирок этишни эътиборга олаётгани ҳақида сигналлар бор»лигини билдирганди.
Россияда 9 май куни бўладиган Ғалаба парадига жаҳоннинг кўплаб илғор мамлакатларининг етакчилари, хусусан, Германия канцлери Ангела Меркель ва Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ҳам келишдан бош тортган. Айни вақтда, Куба етакчиси Рауль Кастро ва бошқа бир қатор мамлакатларнинг раҳбарлари парадга келишга розилик билдирган.
Изоҳ (0)