Россия таркибидаги Бошқирдистон Республикасининг Кумертау шаҳридаги хонадонда юз берган ёнғинни ўчириш вақтида пичоқлаб кетилган беш кишининг жасади топилди. Бу ҳақда «Segodnya.ua» хабар бермоқда.
Минтақавий тергов қўмитаси маълумотларига кўра, қотиллик жума куни содир этилган. Турар-жой биносининг хонадонларидан бирида ёнғин юз берган, оловни ўчириш учун келган қутқарувчилар эса пичоқланган беш кишининг жасадини топишган.
«Полиция жабрланувчиларнинг шахсини аниқлаш устида ишламоқда. Тахминларга кўра, уйнинг эгаси ҳисобланган эркак ва аёл, шунингдек, икки қиз ва бир ёш йигит ҳалок бўлган», - дейилади идора хабарида.
Минтақавий тергов қўмитаси вакили Светлана Абрамованинг сўзларига кўра, ҳар бир қурбонга камида 30 марта пичоқ санчилган.
«Жабрланувчиларнинг барчаси пичоқ билан етказилган кўплаб жароҳатлар сабаб ҳалок бўлган. Экспертлар ҳар бир жасадда 30тадан 40тагача жароҳат изларини топишди. Баъзиларининг томоғи ҳали тириклигида, бошқалариники эса ўлганидан сўнг кесилган», - деди Абрамова.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳодиса жойида Бошқирдистон Ички ишлар вазирлиги ва тергов органлари ходимлари иш олиб боришмоқда.
Изоҳ (0)