Украина Олий Радаси нацистик ва коммунистик режимларни қораловчи, шунингдек, уларнинг рамзларини тақиқловчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Meduza нашри хабар бермоқда.
Қонунга мувофиқ, Украинада нацистлар ва коммунистлар режимининг жиноий жиҳатларини омма олдида инкор этиш тақиқланди. Ушбу тузумларнинг рамзларидан сувенир маҳсулотлар тайёрлашда ҳам фойдаланиш мумкин эмас.
Қонунда қайд этилишича, ушбу ҳужжат «Украининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва миллий хавфсизлигига нисбатан юзага келадиган таҳдидларни бартараф этишга» йўналтирилган.
Ушбу қонун талабларини бузган шахслар беш йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, 2014 йили Украина Адлия вазирлиги мамлакатда Коммунистик партияни тақиқлаш ҳақида судга даъво киритган эди. Ушбу иш бўйича суд маҳкамалари ҳали якунига етганича йўқ.
Апрель ойи бошида эса Украина Коммунистик партияси етакчиси Пётр Симоненко, Россия Коммунистик партиясининг Москвада бўлиб ўтган қурултойида иштирок этганидан сўнг, Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) томонидан сўроққа тутилганди.
УХХнинг маълум қилишича, партия мамлакатда юз берган террорчилик ҳаракатларига алоқадорликда гумон қилиниб, текширилган.
Изоҳ (0)