Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати саралашидан ўрин олган гуруҳдаги сўнгги ўйинни Сурия U-23 термасига қарши ўтказди, деб хабар бермоқда «Uff.uz».
Ўйинни вакилларимиз жуда суст бошлашди. Футболчиларда майдонда тўп суриш учун иштиёқ ва хоҳиш йўқдек кўринди. Ёшларимизнинг ҳаракатини бошқача таърифлаб ҳам бўлмайди. Сурия эса жуда ишончли тарзда ҳаракат қилиб, кетма-кет ҳужумлар билан ҳимоячиларимиз кўзини очирмай қўйишди. Вакилларимиз эса ҳа деганда ўзларига кела олишмади.
Сурияликларнинг ҳужумлари ўз самарасини бермай қолмади. Бунгача ҳам бир нечта қулай имкониятларга эга бўлган Умар Ҳарбин 29-дақиқада осонлик билан гол киритиб, ҳисобни очди. Бу вазиятда дарвозабонимизни айблаб бўлмайди. Аксинча, жарима майдончамиз ичида ҳаракатсиз қотиб қолган 5 нафар (!) ҳимоячилар голда бор айбларини ўзларига олишлари керак.
Голдан кейин ҳам Ашурматов шогирдлари вазиятни ўнглаш учун ҳаракат қилишмади ёки қилишни хоҳлашмади. Натижада Сурия биринчи бўлим якунига қадар яна кўплаб хавфли вазиятлар яратди. Бизда ҳам вазиятлар бўлди, аммо бу вазиятларни яққол голли вазият деб аташга уялади киши.
Биринчи бўлим охирларида Сардор Раҳмонов рақибни жарима майдончаси ичида йиқитиб, дарвозамизга пенальти олиб келди. Пенальтидан яна ўша Умар Ҳарбин унумли фойдаланиб, ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди.
Иккинчи бўлимда ҳам вазият деярлик шундай давом этди. Сурияликлар кетма-кет ҳужум қилишди, ўзбекистонликлар бу ҳужумни амаллаб қайтариб туришди. Фақатгина 59-дақиқага келиб вакилларимиз ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди.
Шундан сўнг ўйин охирига қадар дарвозаларга бошқа гол киритилмади. Шу тариқа Ашурматов шогирдлари гуруҳдаги сўнгги ўйинда мағлубиятга учраб, Осиё чемпионатига йўл олиш масаласини катта сўроқ остида қолдиришди.
Маълумот учун, гуруҳда 1-ўринни қўлга киритган жамоалар тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлишса, яна 5 та яхши кўрсаткичга эга бўлган 2-ўрин соҳиблари ОЧда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритишади. Бошқа гуруҳлардаги ўйинлар бир оз кечроқ бўлиб ўтиши туфайли, ҳозирча Олимпиячиларимизнинг тақдири номаълумлигича қоляпти.
Сурия U-23 − Ўзбекистон U-23 2:1
Голлар: Умар Ҳарбин (29, 45+1) - А.Махсталиев (59)
Ўзбекистон U-23: Акмал Турсунбоев, Акромжон Комилов, Сардор Раҳмонов, Бобурбек Йўлдошев, Владимир Козак, Абдуллоҳ Олимов, Жамшид Искандеров, Ҳасан Асқаров, Диёр Туропов, Аббосбек Махсталиев, Игорь Сергеев.
Сурия U-23: Абдуллатиф Нассан, Муайяд ал-Ажжан, Омир ал-Миданий, Аҳмад Ашкар, Умар Ҳарбин, Маҳмуд ал-Мавас, Ҳамид Мидо, Маҳмуд ал-Баҳийр, Амро Жунайт, Муайяд ал-Хавлий, Юсуф Халфаҳ.