Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Сингапур бош вазири Ли Сянь Лунга биринчи бош вазир Ли Куан Юнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик телеграммасини жўнатди, дея хабар бермоқда «Newskaz.ru» Қозоғистон раҳбари матбуот хизматига таяниб.
«Биз кўп кўришардик, мен уни яхши дўст деб билардим, тажрибасини ўрганиб олишга ҳаракат қилардим. Қозоғистон халқи ва шахсан ўзимнинг номимдан унинг қариндош ва яқинларига, шунингдек бутун Сингапур халқига ҳамдардлик билдириб қоламан», — дейилади телеграммада.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 23 март куни мустақил Сингапурнинг биринчи бош вазири Ли Куан Ю узоқ давом этган касалликдан сўнг 91 ёшида вафот этди.
Маълумот учун, Ли Куан Ю Сингапур ҳукумати тепасига 1959 йилда келган бўлиб, давлатни 1990 йилгача узлуксиз бошқарган. Айнан унинг даврида Сингапур қашшоқ давлатлар қаторидан чиқиб, дунёнинг молиявий марказларидан бирига айланган, аҳоли турмуш даражаси бўйича эса юқори учликдан жой олган.
Изоҳ (0)