Эртага, 11 март куни Тошкент шаҳрида шахмат бўйича Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир старт олади. Бугун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган турнир иштирокчилари Тошкентга етиб келади, деб хабар беради «Olamsport.com».
Бу йил ўз тарихида 9-маротаба ўтказиладиган мусобақада арманистонлик Тигран Петросян, россияликлар Владислав Артемиев, Сергей Волков, озарбайжонлик Элтаж Сафарли, беларуслик Алексей Александров, франциялик Владислав Ткачев каби рейтинги 2600 дан юқори бўлган халқаро гроссмейстерлар иштирок этади.
Ўзбекистон шарафини Марат Жумаев, Алексей Барсов, Владимир Елгин каби тажрибали, Улуғбек Тиллаев, Жўрабек Ҳамроқулов, Тимур Игонин, Шамсиддин Воҳидов сингари истеъдодли ёш шахматчилар ҳимоя қилади.
Жами 76 нафар шахматчи қатнашадиган халқаро хотира турнирининг умумий мукофот жамғармаси 20 минг АҚШ долларини ташкил этади. Ғолиб шахматчи 4 минг долларга эга бўлади. Кучли учликдан жой олган шахматчиларга мос равишда 3 ва 2 минг доллар мукофот пули тақдим этилади.
Изоҳ (0)