Сирдарёлик мутахассис Баҳодир Давлатовни кўпчилик яхши танийди ва уни етарли салоҳиятга эга мураббий, деб билади. Олий лигада «Машъал»ни маълум муддат бошқарган Баҳодир ака кейинчалик «Янгиер»ни оёққа турғазишда катта рол ўйнади, деб ёзади «Stadion.uz».
«Interfutbol.uz» ёзишича, бу клуб тарқалиб кетгани оқибатида Баҳодир Бойжоновичнинг ҳозир мажбурий таътил ўтказишига тўғри келмоқда. Лекин у футболдан четланиб кетмади. Айтайлик, футболимиз атрофидаги воқеаларни ҳамон диққат билан кузатиб боряпти. Баҳодир ака билан суҳбат жараёнида миллий жамоамизнинг Осиё кубоги−2015’даги иштирокига ҳам тўхталдик. Яъни аввало, суҳбатдошимизнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.
− Осиё кубоги беллашувларини катта қизиқиш билан кузатдим, − дея гап бошлади Давлатов. − Табиийки, миллий жамоамиз иштирокидаги ўйинларни қолдирганим йўқ. Шундан сўнг барчасини таҳлил қилиб чиқдим ҳам. Ҳа, ҳозир мураббий сифатида бирор жамоада фаолият юритмаяпман. Лекин ҳалигача билимларимни ишга солиб, вазиятларни таҳлил этиб бораман. Минг афсуски, мусобақа терма жамоамиз учун омадсиз якунланди. Демоқчиманки, жамоамиз чорак финалдан ўтишга қодир эди.
− Умуман олганда, терма жамоамиздан қандай натижа кутгандингиз?
− Албатта, чемпионликни, лоақал финалга чиқишини. Тўғри, Австралиядаги мусобақа Қатар−2011’дан анча фарқланиши тайин эди. Zero, Осиёда футбол тобора ривожланмоқда ва шунга яраша кучли терма жамоалар сафи кенгаймоқда. Кутилганидек, ОК−2015 бир қатор «сюрприз»ларни тақдим этди. Шундай бўлса-да, вакилларимиздан каттароқ натижа кутгандим.
− Жамоамизнинг гуруҳ босқичидаги ўйинларига қандай баҳо берасиз?
− Менимча, гуруҳ баҳсларини яхши ўтказдик. Лекин Хитой термаси билан учрашувда очиқчасига хато қилдик. Ғалати ҳолат, йигитларимиз гол уришганидан сўнг ташаббусни рақибга шунчаки, бериб қўйишди. Хитойликлар кучига тўғри баҳо берилмади, чоғи... Ҳарқалай, футболчиларимизда умуман иштиёқ сезилмади. Хайриятки, йигитларимиз Саудия Арабистони термасига қарши кечган баҳсда мутлақо ўзгаришди. Футболчиларимиз шу қадар фаол бўлишдики, рақиб довдираб қолди. Ж. кореяликлар билан учрашувда ҳам худди шундай ҳаракат кутгандим. Лекин тан олиш ўринли, бу учрашувда вакилларимиз борларини бериб, тўп суришди.
− Мутахассис сифатида бу мағлубиятни қандай изоҳлайсиз?
− Қайтараман, чорак финалда жамоамиз ёмон ўйин кўрсатгани йўқ. Яъни кореяликларга муносиб қаршилик кўрсатилди. Буни ўйин 4 та бўлимга чўзилганидан ҳам билса бўлади. Қисқаси, Миржалол Қосимов шогирдлари ўйин бобида рақибдан қолишганлари йўқ, фақат вазиятлардан унумли фойдаланмаслик панд берди. Эҳ, ярим финалга чиқиш учун яхшигина имконият бор эди, фақат омад етишмаслиги натижасида ютқазиб қўйдик. Умуман, Жанубий Корея термасига қарши кечган ўйиндан кўнглим тўлди. Менимча, мухлислар ҳам шундай фикрда бўлсалар керак.
− Кўпчилик «Қосимов асосан ёшларга таяниши керак эди», деган хулосага келди. Бунга муносабатингиз қандай?
− Ҳа, ёшларга ишониш керак. Чўчимасдан имконият берилаверса, вақти келиб самараси кўринади. Осиё кубогида бошқа терма жамоалар ўйинларини ҳам диққат билан кузатиб, шунга амин бўлдимки, иқтидорли ёшлар гуруҳи етишиб чиқмоқда. Мисол учун, БАА термасини олайлик. Бош мураббий ёшларни бир неча йил давомида тарбиялаб келди. Қаранг, Амирликлар энди қандай ўйин кўрсатишмоқда. Жамоа сафида фахрийлардан кўра, ёшлар кўп. Миржалол Қосимов ҳам ёшларга ишонаверса, албатта, натижа чиқади. Шахсан мен шундай фикрдаман. Албатта, ҳамманинг ўзига яраша қараши бор. Балки менинг фикрларим бошқаларга маъқул келмас, аммо тан олиш жоиз, футболимиз келажаги айнан ёшларга боғлиқ.
− Осиё кубогида ёрқин ўйин кўрсатган футболчилар сифатида кимларни тилга оласиз?
− Бир қатор ёшлар яхши ўйнашди. Ўз жамоамиздан Сардор Рашидов яхши таассурот қолдирди. У айниқса, Саудия Арабистони термаси билан учрашувда ўзини ҳар томонлама кўрсатди. Бу йигитчада сезиларли ўсиш бор ва шу тариқа давом этса, келажакда нафақат терма жамоамиз, балки бутун футболимизнинг бош юлдузига айланиши мумкин. БАА термаси вакили Умар Абдулраҳмон ҳам мақтовга лойиқ. Унинг техникаси ҳайратга солди. Кореялик Сон Хён Мин эса барчага таниш. Гарчи у бор маҳоратини кўрсатолмаган бўлсада, барибир, ажралиб турди.
Изоҳ (0)