Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси сайтларни суд рухсатисиз ёпиб қўйиш амалиётини тадбиқ этишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда идора раиси ўринбосари Рустам Мамасодиқов парламентнинг халқаро ишлар бўйича қўмитаси мажлисида айтиб ўтди, деб ёзади «Knews.kg».
Мажлис давомида «Республика» етакчиси Мақсад Собиров таъкидлашича, бугунги кунда миллий хавфсизликка хатар солаётган нарсалар кўп. У давлат органлари ушбу йўналишда ишлаши кераклигини қайд этди.
Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси вакили Рустам Мамасодиқов жавоб беришича, МХДҚда тегишли низомни ишлаб чиқиш ишлари бормоқда.
«Биз Давлат алоқа агентлиги билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Фикримизча, идора лицензияни шунчаки бериши керак эмас, у кимга берилаётганини текшириши керак», — деди амалдор ва провайдерларни агар сайтлар миллий хавфсизликка хатар солувчи маълумотларни чиқарадиган бўлса, лицензияси олиб қўйилиши ҳақида огоҳлантириш зарурлигини қўшимча қилди.
Изоҳ (0)