Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йиғилишидаги нутқида депутатларга халқимизнинг тинчлиги, фарзандларимизнинг бахтли келажаги учун бир ёқадан бош чиқариб, ишлаш, курашиш зарурлигини таъкидлади.
«Ўзингиз кўриб турибсиз, дунёда олдин ҳеч содир бўлмаган, учрамаган ўта оғир, ўта мураккаб зиддият ва низолар, сиёсий қарама-қаршиликлар, жаҳон миқёсида 2008 йили бошланган молиявий-иқтисодий инқироз ва унинг оқибатлари давом этаётган, бир сўз билан айтганда, ноаниқлик ва охирини олдиндан айтиб бўлмайдиган воқеалар юз беришининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Мана шундай ғоят мураккаб вазиятда янги – 2015 йил ва ундан кейинги йилларда биз ўз олдимизга қўяётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичда давом эттириш, иқтисодиётимизни барқарор суръатлар билан ривожлантириш, лўнда қилиб айтганда, юртимизни, Ватанимизни янада обод ва фаровон этишдек аниқ ва эзгу мақсадларга эришиш мумкинми, деган безовталик пайдо бўлиши мумкин.
Буни ҳам тўғри тушуниш керак. Лекин мана шундай ўта масъулиятли пайтда бир чеккада томошабин бўлиб ўтириш асло мумкин эмас. Файласуфлар айтганидек, бу дунёда душмандан эмас, аввало, лоқайд, бепарво ва бетараф одамлардан қўрқиш керак. Менинг сизларга тилагим, даъватим шуки, халқ вакиллари аввало курашчи бўлиши керак. Мана шу муқаддас замин учун, Ўзбекистонимиз учун, халқимизнинг тинчлиги, фарзандларимизнинг бахтли келажаги учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ишлашимиз, курашишимиз зарур.
Мен чет эллик сиёсий арбоблар, катта ишбилармонлар билан учрашганда, улар бизнинг фарзандларимиз ҳақида ҳавас билан «Ёшларингизнинг кўзи ёниб туради» деган фикрни кўп эшитаман. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётда Ватани, халқи учун курашга бел боғлаган, софдил, иродаси мустаҳкам ёшларнинг кўзлари ёниб туради. Бугун мана шу залда ҳам кўзлари ана шундай ёниб турган одамларни кўриб, «Балли, сизларга!» деб айтмоқчиман.
Юқорида зикр этилган хавотирли саволларга нисбатан, ўйлайманки, барчамизнинг жавобимиз битта, яъни, биз босиб ўтган ривожланиш йўлини, эришган марра ва ютуқларимиз, энг муҳими, бизнинг бугунги салоҳиятимиз, куч-қудратимизни 90 йиллардаги давр билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Чунки бизнинг бугунги халқимиз, бизнинг бугунги жамиятимиз – бундан ўн йил, йигирма йил олдинги халқ ва жамият эмас», – деди Ислом Каримов.
Изоҳ (0)